Ижтимоий тармоқда Аксилкоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурҳоновга қайнотаси 1,5 млн долларга уй совға қилгани ҳақидаги хабар тарқалди. Агентлик раҳбари бу миш-мишлар ёлғонлигини маълум қилди.
Telegram’даги каналлардан бирида тарқатилган хабарда Акмал Бурҳоновга қайнотаси 1,5 миллион долларлик данғиллама ҳовли совға қилгани, уйнинг ерости ва усти қисми икки қаватдан экани, ҳовлида лифт ўрнатилгани ва уч нафар хизматкор борлиги иддао қилинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бу хабарни ёлғон деб атади.
“Бу ёлғон хабар! Шундай бўлса-да, қайнотамга юбориб қўйдим”, — дея ҳолатга муносабат билдирган Бурҳонов Twitter’даги саҳифасида.
Апрель ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги агентлик раҳбарияти томонидан олинган совғалар реестрини эълон қилганди. Унга кўра, шу вақтгача қиймати 14 миллион 570 минг сўмлик 8 та совға агентликка ҳадя қилинган. Уларнинг барчасини ташкилот директори Акмал Бурҳонов қабул қилган.
Изоҳ (0)