Куз-қиш мавсумларида қизамиқ касаллиги билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ва ушбу вазиятда айрим фуқаролар юқумли касалликларга қарши эмлаш амалиётини давлат тиббий муассасаларидан кўра хусусий клиникаларда ўтказишни афзал кўришаётгани, бу эса ортиқча харажат ва ноқулайликларни юзага келтириши, қолаверса, баъзида эмлашдан кейинги ножўя таъсирларнинг мавжудлиги масалалари кўплаб фуқаролар, жумладан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ва депутатларининг жойларда олиб борилган ўрганишлари ва фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан масъулларга мавжуд ҳолат бўйича асослантирилган тушунтириш ва изоҳ берилиши юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Бу ҳақда “Адолат” партияси “Дарё”га маълум қилди.
“Нима сабабдан нодавлат клиникаларда фойдаланиладиган вакциналар давлат тиббиёт муассасаларида қўлланадиган вакциналардан кўра ножўя таъсири камроқ дея кўрилмоқда? Агар масала вакцинада бўлса, нима сабабдан энг хавфсиз ва ножўя таъсири минимал бўлган вакциналар давлат тиббиёт муассасаларига сотиб олинмаяпти? Вакциналар харид қилишда уларнинг ножўя таъсири бўйича аҳолининг фикри ўрганиладими?” — дейилади депутатлик сўровида.
Изоҳ (0)