Буюк Британия Ливия собиқ раҳбари Муаммар Каддафининг беваси Сафия Фаркашга нисбатан санкцияларни енгиллаштирди ва унинг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни олиб ташлади. Буни Британия ҳукумати сайтидаги янгиланган санкциялар рўйхати тасдиқлайди.
Лондон томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2011 йилдаги 1970-сонли резолюциясига мувофиқ, Ливия халқига қарши зўравонликларда қатнашгани учун ўн беш ливиялик мансабдор орасида Каддафи ва унинг яқинларига нисбатан чеклов чоралари жорий этилганди.
Британия ҳукуматига кўра, Фаркаш Уммон давлати паспортига эга. Ҳозирда эса 71 яшар собиқ биринчи хоним Мисрда яшаётгани тахмин қилинмоқда. У 2011 йилдаги қўзғолонлар ортидан мамлакатни тарк этган ва 2016 йил апрель ойида ҳукумат Каддафи тарафдорларини тинчлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида Сафия Каддафига Ливияга қайтишга рухсат берган эди.
Маълумот учун, Фаркаш Каддафининг Фатҳия Нури Ҳолиддан кейинги иккинчи хотини ва саккиз фарзандидан етти нафарининг онаси. Улар 1970 йилда турмуш қуришган ва Каддафи 2011 йилда фуқаролар уруши пайтида ўлдирилгунга қадар бирга яшаган.
Изоҳ (0)