АҚШ Миллий Транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) 6 январь куни Boeing 737-9 Мах йўловчи самолётининг фавқулодда қўниши бўйича ўтказилган текширув натижаларини эълон қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Портлендда самолётдан ажралиб кетган фавқулодда чиқиш эшиги люки топилган. NTSB терговчилари самолёт люкининг тамбаланган қисми бузилгани воқеага сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.
Агентликнинг қайд этишича, NTSB раҳбари Женнифер Хоменди журналистларга фавқулодда қўниш тафсилотларини аниқлаш учун самолётнинг ажралиб кетган люкини топиш зарурлиги ҳақида айтган. Бугун, 8 январь куни Боб исмли мактаб ўқитувчиси Портленд шаҳридаги уйлардан бирининг орқа ҳовлисидан мазкур люкни топган.
Женнифер Хомендининг таъкидлашича, ҳодиса юзасидан махсус гуруҳ текширув ўтказади ва самолётнинг топилган бўлаги бунга ёрдам беради.
6 январь куни Аlaska Airlines авиакомпаниясининг Портленддан Онтариога йўл олган Boeing 737-9 Мax йўловчи самолёти самолётнинг фавқулодда чиқиш эшигининг люки ажралиб кетгандан сўнг, аэропортга фавқулодда қўнишни амалга оширди.
Воқеадан сўнг Европа Иттифоқи ва АҚШ ушбу турдаги авиалайнерларни текширувдан ўтказиш учун уларнинг парвозини тўхтатганини эълон қилди.
Изоҳ (0)