30 декабрдан бери Россия Қуролли кучлари Украинадаги ҳарбий объектларга, жумладан, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, аэродромлар ва арсеналларга 41 та зарба берди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
“Зарбалар юқори аниқликдаги қуроллар ва учувчисиз учиш аппаратлари томонидан қарор қабул қилиш марказлари, Украина ҳарбий-саноат комплекси объектлари, ҳарбий аэродромлар инфратузилмаси, арсеналлар ва ёқилғи омборларига берилган”, — дея таъкидлади ҳарбий идора матбуот хизмати.
Россия Қуролли кучлари, шунингдек, “Украина Қуролли кучлари бўлинмалари, ҳарбий тузилмалар ва чет эл ёлланма аскарлари жойлашган пунктлар”га ҳужум қилди. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, барча белгиланган нишонлар йўқ қилинган.
Бир ҳафта олдин, 29 декабрь куни Мудофаа вазирлиги Украинадаги ҳарбий нишонларга 50 та зарба берилгани ҳақида маълум қилганди.
Декабрь ойининг охири ва январь ойининг бошларида Россия ва Украина бир-бирига ракета зарбалари бермоқда. Россияда чегара ҳудудлари ўққа тутилмоқда, хусусан, 30 декабрь куни ракета ҳужуми оқибатида Белгородда 25 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)