Россия президенти Владимир Путин “махсус ҳарбий операция” вақтида армия ёки “ҳарбий тузилмалар”да хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “ТАСС”. Фармон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида ҳам эълон қилинди.
Шартнома камида бир йил муддатга тузилиши керак. Ҳарбий хизматчилардан ташқари, фуқароликни уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи, болалари ва ота-оналари ҳам олиши мумкин. Фармон эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
2022 йил сентябрь ойи охирида Путин ҳарбий хизматни ўташ учун бир йиллик шартнома тузган хорижликларнинг соддалаштирилган тартибда (пропискасиз ва Россияда беш йил яшаши шартисиз) фуқаролик олиши тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Илгари улар бунинг учун шартнома бўйича камида уч йил ҳарбий хизмат ўташи керак эди.
2022 йил ноябрда, “қисман” сафарбарлик эълон қилинганидан бир ярим ой ўтгач, Путин хорижликларга Россия армиясида Россия фуқаролари билан тенг равишда шартнома асосида хизмат қилишига рухсат берувчи фармонни имзолади.
Изоҳ (0)