Қора денгизда Панама байроғи остида ҳаракатланаётган фуқаролик кемаси Россия ҳарбий-денгиз кучларининг минасидан портлади. Бу ҳақда Украина мудофаа кучлари хабар берди.
Украина ҳарбийларига кўра, юк ташувчи кема дон ортиш учун Дунай портларидан бирига йўл олган. Портлаш оқибатида кема тезлиги ва бошқарувини йўқотган, юқори палубада ёнғин келиб чиққан. Натижада капитан кема чўкиб кетишининг олдини олиш учун уни саёзликка олиб чиққан.
Кема экипажига денгиз хавфсизлиги ва қутқарув хизматининг қайиқлари ёрдам берган. Қайд этилишича, бортга шифокорлар олиб келинган. Икки денгизчи жароҳат олгани маълум. Бир кишига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ бошқа денгизчи жароҳатлар билан яқин атрофдаги шифохонага етказилган.
Мудофаа кучларининг айтишича, бўронли об-ҳаво кўпинча мина билан тўқнашув хавфини оширади. Шу сабабли денгизни миналардан тозалаш масаласи муҳим аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)