Францияда мамлакатнинг энг йирик банки BNP Paribas филиали — BNP Paribas Securities Services ва Кипрда рўйхатдан ўтган ТCR International Limited брокерлик компаниясига нисбатан “пул ювиш” жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, дастлабки тергов бошланди.
Бу ҳақда Франциянинг Monde нашри Париж прокуратурасига таяниб хабар берди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари 2019- йилдан 2021 йилгача ТCR International Limited орқали амалга оширилган бир нечта молиявий операциялардан шубҳаланишган.
Ўшанда брокерлик компанияси BNP Paribas Securities Services ёрдамида ўз мижозлари номидан инвестиция операцияларини амалга оширган.
Прокуратура маълумотларига кўра, 220 миллион евродан ортиқ келиб чиқиши шубҳали пуллар ТCR International Limited ҳисоб рақамлари орқали Франция банкига ўтган. Шу билан бирга, Россия ва Украина фуқаролари шубҳали операцияларда иштирок этишган.
Нашрнинг таъкидлашича, ТCR International Америка расмийлари томонидан “Вагнер” ХҲК ва унинг асосчиси Евгений Пригожин томонидан қўлланиши мумкин бўлган молиявий тармоқларга оид текширувда тилга олинганидан кейин Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушган.
Париж прокуратураси АҚШ Адлия вазирлиги Францияга бу борада ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилганини тасдиқлади. Бироқ Франция расмийлари томонидан олиб борилган терговда мазкур молия ташкилотларининг Евгений Пригожин ва унинг тузилмаси билан-бирор бир алоқаси аниқланмаган.
Изоҳ (0)