Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг хонадондаги яширин омбори фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сергели туманидаги аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам турли йўллар билан республикага олиб кирилган 162 минг 153 дона салют ва петардалар сақланаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, ушбу хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган 9500 қути тамаки маҳсулотлари ҳам сақланаётгани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган пиротекхника воситалари ва тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард сўмдан ошмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
- Аввалроқ Наманган вилояти Уйчи туманида 31 миллион сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
- Ангренда Тошкентга кетаётган Mercedes-Benz ичидан 250 минг донага яқин пиротехника воситалари топилган эди.
Изоҳ (0)