АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 18 декабрь куни Исроилга ташриф билан келди. У бу ҳақда Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида Остин мамлакат ҳарбий раҳбарияти билан Исроил армиясининг ҲАМАС жангчиларига қарши амалиётларини муҳокама қилишни режалаштирган.
“Мен Исроил мудофаа вазири Ёав Галлант, Исроил бош вазири девонининг вакиллари ва ҳарбий раҳбарлар билан учрашиб, Американинг Исроилга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайман, ҲАМАСни йўқ қилиш бўйича Исроил армияси операцияларини муҳокама қиламан ҳамда Ғазода тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдами оқимини таъминлаш зарурлигини таъкидлайман”, — дейди Остин.
Исроилга ташриф олдидан АҚШ мудофаа вазири Кувайтда бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири билан учрашган ва шайх Наваф ал-Аҳмед ал-Жобир ас-Сабоҳ вафот этгани муносабати билан Кувайт халқига ҳамдардлик билдирган.
Изоҳ (0)