Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, Кўкдала туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда “Умакай” ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Қарши—Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро Ф.Э. бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув давомида фуқаро Б.Х. жами 500 килограмм истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро Э.М. бошқарувидаги Isuzu русумли юк автомашинаси тўхтатиб текширилган. Текширув давомида фуқаро Н.Р. жами 165 килограмм истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Август ойининг бошида Самарқандда Isuzu юк машинасида Тошкентга олиб кетилаётган 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди. Тошкентдаги бозорда истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари сотилаётгани аниқлангани, Тошкентда сотиш учун истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган яна бир киши тўхтатиб қолингани, Ургут туманида 500 кг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)