Тошкентда истеъмолга яроқсиз гўшт олиб киришга йўл қўймаслик бўйича профилактик тадбирлар давом этмоқда, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари билан бирга, август ойининг 10 куни давомида пойтахтга 1 497 килограмм сифатсиз гўшт маҳсулотларини олиб киришнинг олди олинган.
Хусусан, Чилонзор тумани ТҲАЙ бўйлаб ўтказилган тунги тадбир пайтида Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган 28 ёшли Қ.Х. бошқарувидаги Isuzu русумли автотранспорт воситаси тўхтатилган. Текширув жараёнида ветеренария ҳужжатларига эга бўлмаган, майдаланган ва музлатилган ҳолдаги жами 1 111 килограмм номаълум ҳайвон гўшти олиб кетилаётгани маълум бўлган. Гўшт маҳсулотлари лабораторияга текшириш учун юборилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига кўра, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Истеъмолга яроқсиз гўштлар
Август ойининг бошида Самарқандда Isuzu юк машинасида Тошкентга олиб кетилаётган 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди. Тошкентдаги бозорда истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари сотилаётгани аниқлангани, Тошкентда сотиш учун истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган яна бир киши тўхтатиб қолингани, Ургут туманида 500 кг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)