Қашқадарё вилоятида 2,2 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан ИИБ, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Қарши—Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Mercedes-Benz Sprinter русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилган. Текширув давомида фуқаро Ж.В. ва бошқалар жами 2 200 килограмм истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Август ойининг бошида Самарқандда Isuzu юк машинасида Тошкентга олиб кетилаётган 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди. Тошкентдаги бозорда истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари сотилаётгани аниқлангани, Тошкентда сотиш учун истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган яна бир киши тўхтатиб қолингани, Ургут туманида 500 кг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)