Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг 22 ноябрдаги буйруғига биноан Жасур Пўлатов Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти МЧЖ директори вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Жасур Пўлатов Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети битирувчиси, ўз фаолиятини авиация соҳасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКда ҳаво ташувларини ташкил этиш агенти сифатида бошлаган ва мазкур лавозимда 2019 йилгача ишлаб келган.
Шундан сўнг меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Транспорт вазирлигида давом эттириб, сўнгги йилларда аэропортларни ривожлантириш ва ерусти таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
У 2023 йилда Uzbekistan Airports га таклиф қилиниб, бошқарув раисининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Кейинчалик Бухоро аэропорти директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрь ойидан бери Шукур Ғоипов Ўзбекистон пойтахти халқаро аэропортини бошқариб келаётганди.
Uzbekistan Airports матбуот хизмати мазкур тайинловга оид хабарини Telegram даги каналидан ўчириб ташлаган бўлиб, бунинг сабаби очиқланмаган.
Изоҳ (0)