Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида 23 туп ёнғоқ дарахти кесиб ташланиши оқибатида табиатга 772 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилди.
Бу ҳолат Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, прокуратура, Миллий Гвардия ва ИИБ ходимлари томонидан 19 ноябрь куни аниқланган.
Бошқарма ташкил этган тезкор ишчи гуруҳ олиб борган ўрганишлар натижасида шахсини ошкор этишни истамаган Оқдарё туманида яшовчи мансабдорлар туманнинг Daxбед маҳалласи ҳудудида жойлашган “Daxбед мўл ҳосил” ва “Фазилов Собир боғи” фермер хўжалиги яқинидан ўтувчи маҳаллий суғориш ариғи ёқасида яшил белбоғ (иҳота) шаклида экилган қарийб 50 - 55 ёшлардаги 23 туп ёнғоқ дарахтини кесиши оқибатида табиатга 772 миллион 300 минг сўм зарар келтирилгани маълум бўлди.
Ҳозирда далилий ашёлар ва тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Маълумот учун, бугунги кунда Республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига қарши мораторий жорий этилиши муносабати билан дарахтларни тегишли рухсатларсиз кесиш қатъиян ман этилган.
Изоҳ (0)