Ирландия пойтахти Дубльин марказида Жазоир фуқароси экани айтилаётган эркак пичоқ билан ўткинчиларга ҳужум қилганидан кейин шаҳарда тартибсизликлар бошланди.
Ҳужумда беш киши, жумладан, она ва унинг уч фарзандига жароҳат етган. Аёл ва унинг беш ёшли қизи оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани айтилмоқда. Ҳужумчи ўткинчилар томонидан қўлга олинган. Эркакнинг ўзи ҳам ярадор қилингани сабаб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Полиция ҳодисани теракт деб ҳисобламаяпти, бироқ жиноят сабаблари номаълум. Хусусан, полиция вакили содир бўлган воқеа юзасидан жамоатчиликнинг хавотирини тушунишини, бироқ буни шаҳар ёки мамлакатдаги муаммолар билан боғлиқ бўлмаган якка тартибдаги ҳодиса деб ҳисоблашини айтди.
Грипт нашри манбаларига таяниб хабар беришича, ҳужум қилган шахс — Жазоир фуқароси. Унинг келиб чиқиши ҳақида норасмий маълумотлар эълон қилинганидан кейин кўчаларда тартибсизликлар бошланди. Оломон муҳожирларга қарши шиорлар айтишди. Бир қанча ҳудудларда намойишчилар полиция машиналари, трамвай ва автобусга ўт қўйди, дўконлар талон-торож қилинди, ойналари синдирилди. Жиноят содир бўлган жой яқинида полиция кордонига ҳужум қилинди, полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Ички ишлар вазирлиги қўшимча кучларни чақирди.
Шу билан бирга, полиция жиноятчининг миллати ҳақидаги маълумотни изоҳлашдан бош тортди ва тартибсизликларни “ўта ўнгчи мафкура томонидан бошқариладиган безорилар гуруҳининг иши” деб атади.
Изоҳ (0)