Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматларининг ойлик маошлари тўланмаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ва туманлардаги матбуот ходимларининг ойлик маоши тўланмаётгани айтилган хабар тарқалди.
“Бу хабар ўз-ўзидан матбуот хизматларига оид қабул қилинади. Аммо вилоят ҳокимлиги матбуот хизматида бундай ҳолат мавжуд эмас. Ҳар бир ходим учун маошлар ўз вақтида тўланмоқда. Шунингдек, ҳозирда шаҳар ва туманлардаги ҳеч бир матбуот хизмати томонидан бу масалада муаммо борлиги айтилмаган. Мавжуд масалаларнинг ечимига ўз вақтида ёндашилмоқда”, — дейилади муносабатда.
Вилоят ҳокимлиги мазкур хабар матбуот соҳасининг бошқа бир қисмига тегишли бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Агарда манзил ёки тизим аниқ маълум қилинса, вилоят ҳокимлиги мазкур масала ечимига тегишли тартибда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ бюджет ходимларига сентябрь ойининг 2-ярми учун жами 4,7 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаб берилгани хабар қилинганди. Августда эса бу миқдор 5 триллион сўмни ташкил этган.
Изоҳ (0)