Арманистон бош вазири Никол Пашинян Минскдаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Пашинян телефон орқали мулоқот чоғида Беларусь президенти Александр Лукашенкога КХШТнинг Минскдаги саммитида иштирок эта олмаслигини айтган.
“23 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бош вазир Пашинян Беларусь президентига учрашувда иштирок эта олмаслигини маълум қилди ва КХШТ ҳамкорлари бу қарорга тушуниш билан муносабатда бўлишига умид билдирди”, — дейилади хабарда.
Кремль муносабати
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг КХШТ саммитида иштирок этишдан бош тортганини изоҳлар экан, агар шундай бўлса, фақат афсусланиши, чунки бундай учрашувлар келишиб олишга яхши сабаб эканини билдирди.
“Агар ростдан ҳам шундай бўлса, афсус билдиришимиз мумкин, тушунамиз, ҳар бир ҳукумат ёки давлат раҳбарининг иш жадвалида ўз тадбирлари, мажбуриятлари бўлиши мумкин”, — деди Песков.
Журналистлар Кремль Пашиняннинг қарорини қандай қабул қилаётгани ва Арманистоннинг КХШТдан чиқиши эҳтимолини қандай баҳолаши ҳақида Песковдан сўради. Кремль расмийсининг таъкидлашича, КХШТ “ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда”.
“КХШТ доирасида ташкил этилган ва ўтказилаётган учрашувлар иштирокчилар томонидан ҳеч бўлмаганда тегишли соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг ушбу форматига бўлган талабни кўрсатади”, — дея хулоса қилди Кремль матбуот котиби.
Изоҳ (0)