Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Самвел Шаҳраманян 2024 йил 1 январдан республиканинг тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Шу тариқа, қарийб 30 йил давом этган, минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган Озарбайжон—Арманистон ўртасидаги можарога барҳам берилди. Бироқ бу ҳудуд борасидаги баҳслар ўтган асрнинг бошларида, аниқроғи, Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибига биринчи марта ўтганида бошланган. “Лента.ру” нашри икки қўшни давлат ўртасидаги узоқ тарихга эга қарама-қаршиликка эътибор қаратди.
Газак оладиган мина
Қорабоғ хонлиги Рус-Форс уруши (1804–1813 йиллар) натижасида ХIX асрдан бошлаб Россия империяси таркибига кирган ва Қорабоғ провенсиясига айлантирилган. 1840 йилдан бошлаб ҳудуд Касбий вилоятининг Шуша уездига, 1846 йилдан Шемахон вилояти (1859 йил Бокуга ўзгартирилган), 1868 йилдан эса Елизаветпол губернияси таркибига кирган. Россия империясидаги фуқаролар уруши (1917–1922) йилларида Қорабоғ ўз мустақил давлатини ташкил этган, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қарама-қаршилик майдонига айланди.
Кавказортида совет ҳукуматининг назорати ўрнатилиши билан можаро бир муддат тўхтагандек таассурот қолдирди. Бундан ташқари, болшевиклар Қорабоғга эгалик масаласини ҳам ҳал этиши керак эди. 1921 йил 4 июлда Россия Коммунистик партияси (болшевиклар) Марказий қўмитасининг Кавказ бюроси йиғилишида ҳудудни Арманистонга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бироқ эртаси куниёқ Кавказ бюроси “мусулмонлар ва арманлар ўртасида миллий тинчлик заруратидан келиб чиққан ҳолда” масалани Озарбайжон фойдасига қайта кўриб чиқади.
1921 йилдан бошлаб Қорабоғ маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси таркибига ўтган. Шунингдек, минтақага кенг автономия ҳуқуқлари ҳам берилган. Расман 1923 йилда Озарбайжон ССР таркибидаги автоном вилоят номини олган.
Ўша пайтдаги Марказий қўмитанинг Озарбайжон бўйича биринчи секретари Сергей Китов Қорабоғ масаласи бўйича бошқа муаммо бўлмаслигини таъкидлаб, шундай деган эди:
“Қорабоғ масаласининг ижобий ҳал бўлгани бизнинг катта ютуғимиздир. Ўйлайманки, бу масалага яна тўхталишимизга ҳожат қолмайди”.
Совет Иттифоқи пайтида Озарбайжон ҳукумати Тоғли Қорабоғда арман сепаратизмига қарши фаол кураш олиб борди. Айниқса, бу аҳолини Қорабоғ мухториятига кўчириш сиёсатида яққол ўз аксини топди. Арманлар Озарбайжон ҳукуматини “камситишда, кўчиришнинг мақсадли сиёсати”да ва ҳатто этник тозалашни бошлаганликда айблади. Боку арманларни Қорабоғдан бутунлай сиқиб чиқариш ниятида эканлигини яширмади.
Совет ҳукумати ҳукмронлиги даврида минтақада озарлар арманларга қараганда аҳоли сон бўйича кўпроқ ўсишга эришди. 1979 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш шуни кўрсатадики, ярим аср давомида Қорабоғдаги озарлар сони қарийб беш баробарга ўсган. Минтақадаги умумий аҳоли улуши 5 фоиздан 24 фоизга ошган.
Урушнинг бошланиши
1987–1988 йилларда Қорабоғ вакиллари бир неча бор Совет раҳбариятидан Озарбайжон ССР таркибидан Арманистон ССРга ўтиш илтимоси билан мурожаат қилади, лекин ижобий жавоб ололмайди. Бунга сабаб бир республика таркибидан бошқа республика таркибига ўтиш кўплаб бошқа низоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Шунинг учун Москва таклифни рад этади.
Бироқ ўша пайтларда СССР парчалана бошлаган эди. Ҳамма ўз ички иши билан банд эди. Ҳеч ким минтақадаги назоратни қўлга олмади. Тоғли Қорабоғ автоном вилоятида эса Арманистон билан бирлашиш учун кучли ижтимоий ҳаракат шакллана бошланди. 1988 йилнинг 22 февралида Қорабоғнинг Аскеран қишлоғи яқинида маҳаллий аҳоли ва озарбайжонлик полициячилар ўртасида тўқнашув юз берган эди.
1988 йили икки миллат ўртасида бир неча бор қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтади. Шу воқеалар таъсирида Озарбайжонда арманларни, Арманистонда озарларни таъқиб қилиш бошланади. Қорабоғда арманлар ва озарлар ўртасида тўлақонли партизан уруши авж олди. Вазият Совет ҳукуматини Тоғли Қорабоғ автоном вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилишга ва у ерга қўшин киритишга мажбур қилди. Лекин ўзи шундоқ ҳам парчаланиш арафасида турган марказий ҳокимиятнинг муаммони бартараф этишга кучи етмаган.
Совет ҳукуматининг муваффақиятсизлигидан кейин Қорабоғ арманлари вазиятни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилди ва 1991 йил 2 сентябрь куни мустақил Тоғли Қорабоғ Республикасининг ташкил топгани эълон қилинди. Шундан сўнг уруш бошланиши муқаррар бўлиб қолди. Тоғли Қорабоғ Республикаси армияси Озарбайжоннинг бир неча анклавларидан ташқари, Қорабоғ ҳудудини ўз назоратига олди. 1992 йилнинг февралидан урушнинг даҳшатли қирғинлари бошланди. Озарбайжоннинг Хожали шаҳри Тоғли Қорабоғ Республикаси армияси томонидан тажовузга учради. Ҳужум натижасида юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди. Тирик қолганларнинг сўзларига кўра, улар шаҳарни тарк этишга уринганида артиллерия ва снайперлардан ўққа тутилган.
Бунга жавобан Озарбайжон армияси Хонкенди шаҳрини эгаллашга уринди, лекин ҳаракатлар муваффақиятсизликка учради. 18 майга келиб, уруш қўшни ҳудудларга ҳам тарқалди. Тоғли Қорабоғ Республикаси қўшинлари Лочин шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлади. Бу ҳудуд Қорабоғни тўғридан тўғри Арманистон билан боғлайдиган йўлак ҳисобланади.
Тоғли Қорабоғ Республикаси қўшинлари 1993 йилда Келбажар ва Агдамни ҳам эгаллайди. Аста-секинлик билан уруш Озарбайжон ҳудудига ҳам кўчади. Фақатгина 1994 йил май ойига келиб, “Бишкек протоколи” имзоланади.
“Бишкек протоколи” — ўт очишни тўхташиш келишуви бўлиб, у Россия, АҚШ, Франция воситачилигида Озарбайжон, Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ўртасида имзоланган. Протоколга кўра, Арманистонга тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг хавфсизлигини таъминлаш ва унга ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган.
Уруш даҳшатли талафотларга олиб келган. Қорабоғ ва унинг атрофидаги туманлардан бир миллионга яқин озарбайжонлик қочқинга айланган. Ярим миллионга яқин арман Қорабоғ ва Озарбайжонни тарк этишга мажбур бўлган. Минглаб уйлар, қатор шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлган. Урушдан сўнг Қорабоғ мустақиллигини ҳеч қайси давлат, ҳатто Арманистон ҳам тан олмаган.
Вақтинчалик “тинчлик”
Кейинги йилларда томонлар вақти-вақти билан ушбу ҳудудда отишмалар олиб борган. Бироқ кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлардан ўзларини тийишган. Озарбайжон армиясини қайта шакллантириб, халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрайди. БМТнинг мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклашни талаб қилувчи резолюциясига таяниб, Исроил ва Туркия билан ҳам иттифоқ тузади. Фақатгина 2010 йилнинг ўрталарига келиб Озарбайжон раҳбарияти кучларини синашни бошлади.
Қорабоғдаги вазиятнинг кейинги кескинлашуви 2014 йилда содир бўлган, орадан икки йил ўтиб, минтақада яна қурол-яроғлар гапира бошлайди. 2016 йилнинг апрель ойида ҳар икки томондан 30 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган эди. Озарбайжон илк бор жанговар учувчисиз самолётлардан фойдалана бошлаган. Тўқнашувлар тўрт кун давом этган ва тарихга “Апрель уруши” номи билан кирди. Томонлар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Россия аралашувидан сўнг ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.
2018 йилда “бахмал инқилоби” натижасида Арманистон ҳукумати тепасига Никол Пашинян келди. Арманистоннинг иккинчи ва учинчи президентлари Роберт Кочарян ва Серж Саргсян Тоғли Қорабоғ Республикаси мустақиллиги учун урушда фаол курашишган. Қорабоғдаги можаро орқали ўз сиёсий мавқеларини ошириб олган. Улардан фарқли ўлароқ, Пашиняннинг ҳокимият тепасига келиши билан вазиятнинг юмшаши кутилган эди. Бироқ тинчлик ўрнига Қорабоғга яна уруш қайтди.
Яна уруш
2020 йил 27 сентябрь тонгида Озарбайжон “Темир мушт” операциясини бошлади. Жанглар асосан Тоғли Қорабоғ Республикасининг шимолий ва жанубий қисмларида бўлиб ўтди. Октябрь охирларига келиб, Озарбайжон қўшинлари Жабраил шаҳри ва Ҳадрут шаҳарчаси устидан назоратни қўлга олди. Шундан сўнг Арманистон ўз фронтини ишга солди. Озарбайжон армияси Физули, Зангелон, Губадли ва Шуша шаҳарлари устидан назоратни ушлаб турди. Боку ҳарбий тузилмалари Туркия томонидан ҳарбий техникалар билан қўллаб-қувватланди. Озарбайжонга Анқара томонидан тақдим этилган учувчисиз самолётларнинг ҳиссаси катта бўлди.
Можаро 10 ноябрь куни сулҳ битими имзоланиши билан якунланди. Сулҳ Арманистон, Озарбайжон, Россия ўртасида имзоланди. Янги уч томонлама битимга кўра, Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг етти вилояти устидан назоратни қайта тиклади. Жумладан, минтақа рамзларидан бўлган Шуша ва Ҳадруд ҳам шулар қаторида эди. Натижада тан олинмаган республиканинг 70 фоизи Озарбайжон тасарруфига ўтди ва минтақага озарларни кўчириш бошланди. Маҳаллий арманлар ёппасига ҳудуддан чиқиб кетишди. Тўқнашувларда Арманистон бош вазири Никол Пашинян 44 кунлик бу урушда 3773 киши ҳалок бўлгани, 243 нафар одам бедарак йўқолганини маълум қилди.
Кейинчалик 2022 йил 19 январда республика тергов қўмитаси ҳалок бўлганлар сони 3809 нафар эканлигини айтди.
Озарбайжон президенти Қорабоғдаги 44 кунлик урушда 3000 га яқин озарбайжонлик аскари ҳалок бўлганини таъкидлади.
Тан олинмаган Қорабоғ Республикасининг тугатилиши
2020 йил тузилган шартномада Арманистон Тоғли Қорабоғ Республикаси вилоятларининг кўп қисмини Озарбайжон назоратига ўтказиши, Тоғли Қорабоғни демилитаризация қилиш ва у ердан ўз ҳарбий қисмларини олиб чиқиб кетиши назарда тутилган эди. Минтақада фақат Россия тинчликпарвар қўшинлари қолиши назарда тутилган эди. Аммо, Озарбайжон томонининг сўзларига кўра, бу келишувлар амалга ошмади, шунинг учун чегарада доимий тўқнашувлар ва провокациялар бугунги кунгача давом этаётган эди.
Шу билан бирга, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича уринишлар ҳам бўлди. 2022 йилнинг 6 октябрь куни Прага шаҳрида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Франция президенти Эммануэл Макрон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Озарбайжон ва Арманистон томонлари 1991 йилги келишувлар доирасида бир-бирларининг чегараларини тан олиш тўғрисидаги баёнотни имзолади.
Кейинроқ Москвада бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида мамлакатлар яна бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишини эълон қилди. Аммо, Пашинян бу фақат Тоғли Қорабоғдаги арман аҳолиси хавфсизлиги кафолатланган тақдирдагина бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Боку эса минтақанинг келажакдаги тақдирини Қорабоғ арманларидан бошқа ҳеч ким билан муҳокама қилмаслигини айтди.
“Биз ҳеч қайси давлат билан ўз ички ишларимизни муҳокама қилмаслигимизни бир неча бор таъкидлаганмиз. Қорабоғ – бизнинг ички ишимиз”, – деганди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.
2022 йил 12 декабрдан бошлаб Тоғли Қорабоғнинг Арманистон қисмида транспорт-энергетика блокадаси бошланиши муносабати билан минтақадаги вазият янада мураккаблашди. Буларнинг барчаси “табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш”га қарши чиқиш ва эҳтимол, Озарбайжон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган экология фаолларининг ҳаракати ниқоби остида бошланди. Улар Шуша шаҳри яқинидаги Степанакерт-Горис автомобиль йўлини тўсиб қўйишди ва шу орқали республикани Арманистон билан боғловчи ягона йўл ёпилди. 2020 йил уч томонлама келишувда эркин ҳаракатланиш кафолатланган Лочин коридори ҳам тўсиб қўйилди.
Ереван йўлнинг ёпилишини блокада сифатида қабул қилди ва де-факто шундай ҳам бўлди. Тоғли Қорабоғ озиқ-овқат, энергия ресурслари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш йўлларидан узилиб қолди. Республиканинг Озарбайжон томонидан назорат қилинмаган ҳудудларида инқирозли вазият юзага келди.
Қулай фурсатни кутган Озарбайжон Қорабоғ масаласини ниҳоят куч билан ҳал қилишга қарор қилди. Деярли бир кундан камроқ вақт ичида маҳаллий арман кучларининг қаршилиги синдирилди. Арманистоннинг ўзи бўлса, уруш қилишга тайёр эмас эди. Никол Пашинян армияни жанговар ҳаракатга жалб қилмасликка қарор қилди. Ҳозирда Қорабоғ арманларининг келажаги тўғрисида собиқ Тоғли Қорабоғ Республикаси ва Боку ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Бироқ минтақа аҳолисининг аксарияти натижани кутмасдан, Арманистонга кетишни афзал кўрди.
“Бутун дунё ҳамжамияти Қорабоғни Озарбайжоннинг ҳудуди деб билади. Ҳеч ким Озарбайжонни қораламади. Бу шафқатсиз дунёнинг қонунидир. Бизда Қорабоғ Озарбайжон таркибига киришига рози бўлишдан бошқа чора қолмади. Энди ҳеч нарса бизга боғлиқ эмас, ҳаммаси тугади”, – деганди Левон Тер-Петросян Арманистоннинг биринчи президенти.
Қорабоғдаги замонавий арман давлатчилиги ҳаракатларини ғалабалар билан боғлаган эди. Лекин охир-оқибат ҳаммаси бошқача якунланди. Тоғли Қорабоғ Республикаси тугатилди, лекин икки давлат ўртасидаги зиддиятлар ҳали узоқ йиллар давом этса керак.
Изоҳ (0)