Қозоғистон ҲАМАСнинг Исроилдаги тинч аҳолига қилган ҳужумларини қоралади. Шу билан бирга, республика Ташқи ишлар вазирлиги Исроилни Ғазо секторидаги тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келадиган номутаносиб куч ишлатишдан тийилишга чақирди. Вазирлик матбуот хизмати 17 октябрь куни тегишли баёнотни эълон қилди.
“Қозоғистон ҲАМАСнинг Исроил тинч фуқароларига ҳужумларини ва асирларни, шу жумладан хорижликларни гаровга олишини қоралайди. Биз БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг гаровга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилиш ва гуманитар ёрдамдан тўсиқсиз фойдаланишни таъминлаш ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлаймиз”, — дейилади баёнотда.
Вазирлик баёноти сўнгида президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг яқинда Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ саммитидаги сўзларидан иқтибос келтирилади. Йиғилишда сўзга чиққан Қозоғистон президенти ўнлаб йиллар давомида ҳал этилмаган муаммоларни ечишда террорчилик ҳаракатларига ўтишни қоралаганди. “Буни ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди”, — деган у.
“Қозоғистон, шунингдек, Исроилни Ғазо секторида кўплаб тинч аҳоли қурбонлари ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлишига олиб келадиган номутаносиб куч ишлатишдан тийилишга чақиради. Бундай вазиятда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, шунингдек, Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини таъминловчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига риоя қилиш ниҳоятда муҳим. Зўравонлик бошқа зўравонликни келтириб чиқаради ва муқаррар равишда Яқин Шарқ ва бутун дунё учун фожиали оқибатларга олиб келади”, — деб таъкидлади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Қозоғистон Ғазо сектори аҳолисини эвакуация қилиш бўйича белгиланган муддатни бекор қилишни ҳамда тинч аҳолини тўлиқ ҳимоя қилишни талаб қилаётган халқаро ҳамжамият билан бирдамлигини изҳор этган.
“Шу муносабат билан Қозоғистон томонларни ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тўхтатишни таъминлашга ва “икки халқ учун икки давлат” формуласи асосида минтақанинг барча аҳолиси учун тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақиради”, — дея қўшимча қилди ТИВ.
Изоҳ (0)