Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида содир бўлган зилзилалар ва ер силкинишларидан салкам бир ҳафта ўца-да, Ҳирот шаҳри аҳолиси яна зилзила бўлишидан қўрқиб, очиқ осмон остида чодир қуриб яшамоқда.
Маҳаллий аҳоли вакили Барат Али 5-6 кундан бери чодирда яшаётганини айтди:
“Биринчи зилзила содир бўлганидан кейин охирги беш-олти кундан бери шу ерда (йўлда) яшаяпмиз, чунки уйларимиз етарлича мустаҳкам эмас. Яна зилзилалар бўлишидан қўрқиб, шу ерда қолдик”.
7 ва 11 октябрь кунлари ғарбий Ҳиротда содир бўлган қатор зилзилалар бутун бошли қишлоқларни вайрон қилди.
70 ёшли Биби Деба зилзилани шундай эслайди:
“Менинг юрагим касал, зилзиладан жуда қўрқаман. Зилзила содир бўлганида ерга йиқилиб тушдим, оилам мени шу ерга судраб келишди. Бу ерда тўртта оила бирга яшаймиз. Мен беваман, ногирон ўғлим бор. Бизнинг муаммоларимиз кўп”.
“Толибон” ҳукумати қурбонлар сони бўйича бир-бирига зид рақамларни эълон қилди: Табиий офатларни бошқариш вазирлиги 2 400 дан ортиқ киши ҳалок бўлганини айтди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 000 кишидан кўпроқ одам ўлганини тасдиқлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам идораси биргина туманда қурбонлар 1 294 кишини ташкил этишини маълум қилди.
Ёрдам агентликлари зилзила оқибатларини бартараф этиш учун маблағ сўрамоқда: табиий офат ортидан минглаб одамлар уйсиз қолган.
Изоҳ (0)