Ўзбекистонда 2023 йилда 75 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб 300 минг сўмгача ошди, деб хабар беради ЎзА.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда иш стажи ва иш ҳақиларини инобатга олган ҳолда ҳар 2 йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилмоқда.
Натижада 2023 йилда 75 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача 300 минг сўмгача ошган.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 2023 йил 1 январдан эътиборан Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан йилига қўшимча равишда ўртача 275 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил учун “Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан, Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан трансфертлар миқдори 15 триллион сўм бўлиши кўзда тутилган. Собиқ иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов шу йилнинг март ойидаги матбуот анжуманида Пенсия жамғармаси учун 14,5 триллион сўм ташқи қарз жалб қилинишини маълум қилган.
Изоҳ (0)