Молдова президенти Майя Санду Financial Times газетасига берган интервьюсида “Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси 2023 йил бошида мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлгани, аммо бунинг олди олингани тўғрисида гапирди.
“Бизда мавжуд маълумотларга кўра, бу Евгений Пригожин жамоаси томонидан тайёрланган режа бўлган”, — дейди Санду.
Унинг сўзларига кўра, “Вагнер” ёлланма жангчилари Молдова ҳукуматига қарши норозилик намойишлари зўравонлик акцияларига айланиб кетишини истаган. У бошқа тафсилотларни келтирмади.
Сандунинг ҳисоблашича, Россия Молдовага нисбатан босимни кучайтириш ниятида. “Улар ҳукуматни ағдармоқчи бўлди, бироқ буни уддалай олмади. Энди эса улар катта пулларни ишга солиб сайловларимизга аралашмоқчи”, — дейди Молдова президенти.
Украина президенти Владимир Зеленский февраль ойида Украина разведкаси “Молдовадаги сиёсий вазиятни бузиш бўйича Россия режасини” қўлга киритгани ҳақида гапирганди. Украина тегишли маълумотларни Молдова томонига тақдим этган.
Ўз навбатида Молдова ҳукумати Украина махсус хизматлари маълумотларини тасдиқлаган. Майя Санду тез орада қўпорувчилар давлат биноларига ҳужум қилиб, асирларни қўлга олмоқчилигини билдирган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Ғарб давлатлари Молдовани “навбатдаги Украина” сифатида кўраётганини айтганди. Молдова Украинадаги уруш туфайли Россия билан алоқаларни узган. Молдова разведкаси раҳбари Россия қўшинларининг Украина орқали Молдова томон ҳаракатланиши хавфини “реал ва жуда юқори” деб атаган.
Изоҳ (0)