Тошкентнинг Бектемир туманида ичида йўловчилар бўлган электробус ЙТҲга учради. “Тошшаҳартрансхизмат” ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 7 сентябрь куни соат 17:20 ларда 13Т-сонли Yutong электробуси ЙТҲга учраган. Электробус Сувсоз даҳасидан Тошкент вокзали Ҳусайн Байқаро кўчаси Қуюв Механика заводи қаршисида 34-35 километр тезликда ҳаракатланиб кетаётганида икки йўналишли ҳаракат оқимига 3 та транспорт кириб келиб, автобусга халақит берган.
Шу сабабли ҳайдовчи электробусни ўнг томонга бурган ва йўл ёқасида турган бетон устунга урилган.
Оқибатда электробусдаги йўловчиларнинг беш нафари ҳамда ҳайдовчи тан жароҳати олган. Тан жароҳати олган йўловчилар Шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси ва Тошкент шаҳар 4-сонли клиник шифохонасига тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборилган. Электробус техник шикастланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)