Жиззах вилоятида Зомин аэропорти фойдаланишга топширилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, аэропорт 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминалига эга бўлиб, қуриш учун 60 гектар ер майдони ажратилган. Объектда жами 200 дан зиёд ходимлар ва 110 та техникалар билан ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда аэропорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникацияси, учиш-қўниш, ҳаракатланиш йўлаклари ва перронни лойиҳалаш ҳамда қурилиш, учиш ва қўнишни таъминлаш бўйича радио ва аэронавигация ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш ва эксплуатация қилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Зоминда қурилаётган янги аэродромга 24 июль куни Тошкентдан илк самолёт парвози амалга оширилганди. Ўшанда пойтахтдан Let L-410 русумли самолёт Зомингача 32 дақиқада етиб борган, 19 ўринга мўлжалланган ушбу самолёт тантанали равишда кутиб олинганди.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз ва Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, Зомин аэропортига авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)