Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ коррупциявий хавф-хатарлар таҳлил қилинди.
Таҳлиллар давомида ушбу йўналишда масъул ташкилотлар томонидан белгиланган вазифалар самарали амалга оширилмагани, норматив-ҳуқуқий бўшлиқлар ва бошқа коррупциявий хавф-хатарларга мойил бўлган ҳолатлар мавжудлиги аниқланган.
Жумладан, 2022—2023 йилларда фаолияти лицензияланган 65 та нодавлат олий таълим муассасаларидан 38 тасига лицензия беришда 82 та ҳолатда турли камчилик ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Хусусан, 22 та ҳолатда талабгорларга давлат ёнғин назорати ва санитария-эпидемиология хизмати органларининг тегишли хулосалари олинмаган.
Шунингдек, талабгорлар томонидан электрон тизимга ўқув режа ва фан дастурлари юкланмаган ёки тўлиқ юкланмаган.
Таҳлил якунлари бўйича агентлик томонидан нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш соҳасида мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган ва президент администрациясига киритилгани айтилмоқда.
Июль ўрталарида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ат-Термизий номидаги халқаро университетга олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензия берилмаганини маълум қилганди. “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.
Изоҳ (0)