Пенсия жамғармаси фуқаролардан бирининг: “Мен давлат ташкилотида ишлайман. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Турмуш ўртоғим учун Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўласам иш стажига инобатга олинадими”, деган саволига жавоб қайтарди.
Маълум қилинишича, мазкур масала бўйича “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ҳамда ҳукумат низомида аниқ тартиб белгиланган. Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан 2021 йил 1 июндан кейинги даврда ишламайдиган эри (хотини) учун ихтиёрий асосда Солиқ кодексида белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўланган давр пенсия ҳисоблашда иш стажи ҳисобида инобатга олинади.
“Жисмоний шахс мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб турмуш ўртоғи учун Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ миқдорини мустақил равишда тўлаш ҳуқуқига эга. Жисмоний шахс томонидан тўланган тўлов ҳужжатида унинг ишламайдиган эри (хотини)нинг фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт”, — дейилади жамғарма ахборотида.
Қўшимча қилинишича, агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади. Ижтимоий солиқ жисмоний шахснинг доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади. Тўланган ижтимоий солиқ ҳисоби давлат солиқ хизмати органларида юритилади.
Изоҳ (0)