Франция собиқ президенти (2007—2012) Николя Саркози Украина Европа Иттифоқига аъзо эмас, балки “Европа ва Россия ўртасидаги кўприк” бўлиши зарурлигини айтди. Бу ҳақда у Le Figaro нашрига берган интервьюсида гапирди.
“Аввало, Украинанинг роли борасида келишиб олиш керак. У Европа Иттифоқига қўшилиши керакми? Менимча, йўқ. Украина Ғарб ва Шарқни боғловчи бўғин бўлиб келган. Шундай бўлиб қолиши керак”, — деди Саркози.
Унинг қўшимча қилишича, Европа Киевга унинг ЕИга қўшилиши ҳақида “ёлғон ваъдалар бермоқда”. Айни пайтда у Украина иттифоққа кирмасдан ҳам Ғарбдан хавфсизлик кафолатларини олишга ҳақли, деб қўшимча қилди.
Уруш борасида фикр билдирар экан, Саркози Украина Қримни қайтариб олиши даргумон эканини айтди. Шу билан бирга у 2014 йилда Россиянинг яриморолни босиб олиши “халқаро ҳуқуқни очиқдан очиқ бузиш” бўлганини таъкидлади.
“Аммо 1954 йилгача рус бўлган ва аҳолисининг аксарияти ўзини доим рус деб биладиган бу ҳудуд ҳақида гап кетганда, менимча, орқага қайтиш иллюзия”, — деди Саркози.
Саркози Россия — Украина урушини тугатиш учун “мувозанатли ечимлар” топиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, вазият “муроса устида ишлашни” талаб қилади.
Изоҳ (0)