Испаниянинг Канар оролларидаги ўрмон ёнғинлари назоратдан чиқиб кетди, деди минтақа президенти Фернандо Клавихо. Табиий офатдан камида 1,8 минг гектар майдон жабрланган.
Ҳукумат Тенерифе оролининг бир қатор қишлоқлари аҳолисини эвакуация қилиш бошланганини маълум қилди. Хавфсиз жойларда вақтинчалик яшаш жойлари ташкил этилмоқда.
Ёнғин қўриқхона ҳудудида юзага келган ва намликнинг пастлиги ва кучли шамол туфайли тезда орол бўйлаб тарқалган. Пляжлари ва курортлари билан машҳур Тенерифеда хавф даражаси ортгани эълон қилинди.
Арафо ва Канделария муниципалитетларида 1,6 минг гектардан ортиқ майдон ёнғиндан зарар кўрган. Ёнғин қўшни Санта Урсула ва Ла-Викторияга ҳам тарқалди. 270 га яқин ўт ўчирувчи ёнғинни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
“Гап 22 километрлик периметрдаги 1,6 минг гектар майдон ёнғиндан зарар кўргани ҳақида кетмоқда”, — деди Клавихо.
Аввалроқ Гавайидаги Мауи оролидаги ўрмон ёнғинлари сабабли 110 нафардан ортиқ киши қурбон бўлгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)