Ҳиндистоннинг “Чандраяан-3” Ой миссияси Россиянинг “Луна-25” миссияси билан Ойнинг жанубий қутбига ўз роверини биринчи қўндириш учун қаттиқ пойгага киришган, деб ёзмоқда Independent нашри.
14 июль куни Ҳиндистон бош космодромидан учирилган “Чандраяан-3” миссияси 16 август куни Ой атрофидаги орбитал манёврларини якунлаб, космик кеманинг Пропулсион ва Ландер модулларини ўзидан ажратишга шароит яратди.
“Ландер модулини миссиядан ажратиш 2023 йил 17 августга режалаштирилган”, — деб эълон қилди Ҳиндистоннинг ИСРО космик агентлиги Twitter’да (ҳозирги Х).
Миссия ровери 23 август куни Ой юзасига етиб борса, Ҳиндистон Ойнинг жанубий қутбига зонд қўндирган биринчи давлатга айланади.
Аммо ўтган ҳафта учирилган Россиянинг “Луна-25” миссияси 16 август куни Ой атрофидаги айлана қутбли орбитага чиқди, у Ойнинг жанубий қутбига ҳинд миссиясидан бир-икки кун олдин яқинлашиши мумкин.
Россиянинг сўнгги 50 йил ичидаги биринчи Ой миссияси бўлган “Луна-25” 11 август куни Москвадан 5 550 км шарқда жойлашган Восточний космодромидан учирилди. “Роскосмос” бошлиғи Юрий Борисовнинг сўзларига кўра, миссия 21 август куни Ойнинг жанубий қутби яқинига етиб бориши кутилмоқда.
“Энди 21-санани кутяпмиз. Умид қиламанки, Ойга юқори аниқликдаги юмшоқ қўниш амалга оширилади. Умид қиламизки, биз биринчи бўламиз”, — деди Борисов.
Агар Россия миссияси муваффақиятли ўтса, у Ойнинг жанубий қутбига зонд қўндирган биринчи давлат сифатида тарихга кириши мумкин, Ҳиндистоннинг “Чандраяан-3” миссияси эса иккинчи бўлади. Шу билан бирга, Ҳиндистон АҚШ, собиқ Совет Иттифоқи ва Хитойдан кейин Ойга муваффақиятли зонд қўндирган тўртинчи давлатга айланади.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, иккала миссиянинг ҳам қўниш саналари аниқ эмас, улар ўртасидаги пойгани ҳам Совуқ уруш давридаги беллашувга қиёслаб бўлмайди.
Ойнинг жанубий қутби сўнгги йилларда кўплаб олимлар орасида қизиқиш уйғотмоқда, чунки унинг тасвирларидан сув музларининг изи аниқланган.
Шу пайтгача ҳеч бир давлат Ойнинг жанубий қутбига миссиясини юмшоқ қўндирмаган. Ойнинг ушбу қисмида сув музларини кашф қилиш иккала миссия учун ҳам тарихий бўлиши, Ердаги одамларни Ой юзасидан ёнилғи ва кислород қидиришга ундаши мумкин.
Изоҳ (0)