Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдорда тамаки ва дори воситаларининг ноқонуний айланмаси фош қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аввалдан кузатувга олинган Мерседес-Бенс Вито русумли юк машинаси Сирдарё вилоятидаги яшаш хонадонларининг бирида тўхтаганда ўрнатилган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада, автомашинада 39 301 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Шу билан бирга, фуқаронинг яшаш хонадони ҳам ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, 68 837 қути тамаки маҳсулотлари ҳамда 657 қути “Ировир-Ф” номли дори воситалари борлиги маълум бўлган.
Тезкор тадбир давомида умумий қиймати 1 миллиард 876,1 миллион сўмлик 108 138 қути тамаки маҳсулотлари ва 657 қути дори воситалари қонунбузардан ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Наманганда май ойида вилоят ҳудудига ноқонуний олиб кирилган қарийб 200 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилганди. Шунингдек, Тошкент ва Фарғонада акциз маркасиз тамаки ва алкогол маҳсулотлари савдоси тўхтатиб қолингани, Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)