Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари билан учрашиб, талабалар турар жойлари масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда ётоқхоналарни янги ўқув йилига шай ҳолатга келтириш, моддий-техник базаси билан тўлиқ таъминланиши, талабалар учун ижара уйлари базасини яратиш ва хонадонлар ҳолатини ўрганиш, талабалар ётоқхоналар ва ижара уйлари тўғрисида маълумотлар билан таъминланишини йўлга қўйиш каби вазифалар ижроси муҳокама этилган. Ўз навбатида, олий таълим муассасалари раҳбарияти амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган.
Вазир талабалар ўқув йилида муаммоларсиз ётоқхона ва ижара уйларига жойлашишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиши бўйича кўрсатмалар берган.
Тайёрланган ётоқхоналар ёнғин хавфсизлиги, қишга тайёргарлик даражаси, лифтлари (мавжуд бўлса) созлиги ва сертификацияланганлигига алоҳида урғу берилиши лозимлиги белгиланган. Университет ҳудудларида талабаларни ётоқхоналар ва ижара уйларига жойлаштириш марказларини йўлга қўйишга, уларда лидер талабалар ҳамда тюторларнинг фаолиятини ташкил қилишга келишиб олинган.
Март ойида Ўзбекистонда 2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилиши тўғрисида хабар берилганди. Ўшанда йил якунига қадар талабалар турар жойи фондини 127 минг ўриндан ошириш режалаштирилгани айтилган эди.
Изоҳ (0)