Ўзбекистондаги ОТМлар сони олти йилда 77 тадан 172 тага етган. Бу ҳақда айни пайтда АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вазир айни пайтда АОКАнинг мажлислар залида талабаларни турар-жой билан таъминлаш, ижара ва тўлов-контракт масалаларига доир маълумотлар билан ўртоқлашиб, ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб бермоқда.
Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистонда 2016 йилда 77 та ОТМ бўлган бўлса, айни кунда уларнинг сони 172 тага етган. Унда таҳсил олувчи талабалар эса 200 минг нафардан 800 минг нафарга ошган.
«Айни пайтда Ўзбекистондаги ОТМлар ётоқхонасида 91 минг талабага жой бор. ОТМларда ўқувчи 211 минг нафар талабанинг эса турар-жойга эҳтиёжи бор», — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.
Вазирга кўра, ҳозирги кунга қадар талабалар ётоқхонасига эҳтиёжи бор талабаларнинг 47 фоизи ётоқхоналар билан таъминланган.
«Ўзбекистонда 2010—2016 йиллар давомида икки минг нафар талабага ётоқхона қурилган бўлса, 2017—2022 йилларда 56 минг ўринли талабалар ётоқхонаси қурилган. Айни кундаги ҳисоб-китобларга кўра 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш учун 20 миллиард сўм маблағ сарфланади», — деди вазир Тошқулов бу ҳақда гапирар экан.