Навоий вилоятида ноқонуний йўл билан кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда муқаддам судланган А.А. “Б.Б.” МЧЖ раҳбари Ш.Д.нинг ишончига кириб, унга тижорат банкларидан 1 миллиард сўм кредит олиб бериш эвазига 5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кредит маблағларининг ўзлаштирилиши
Февраль охирларида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Термиз туманларида 11 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланганди. Май ойида эса Сурхондарё ва Фарғонада оилавий корхоналар раҳбарлари 1,2 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитларни талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)