Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида ҳамкасблари билан дам олишга чиққан профилактика инспектори дом-дараксиз йўқолгани хабар берилганди. “Дарё” манбасининг хабар беришича, кеча, 4 август куни қидирувнинг олтинчи кунида инспекторнинг жасади топилган.
Мазкур хабарни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати Соҳиб Ваитов ҳам тасдиқлади.
“Қидирувнинг олтинчи кунида қутқарувчилар Сечанкўлдан инспекторнинг жасадини олиб чиқишди”, — дейди Соҳиб Ваитов.
Марҳумнинг қишлоқдошларига кўра, жаноза маросими бугун профилактика инспектори туғилган қишлоқ — Касби туман Новқат қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
“Дарё” журналисти билан суҳбатлашган Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Яздурдиев профилактика инспектори ўтган якшанба, 30 июль куни Сечанкўлга ҳамкасблари билан дам олишга борганини маълум қилганди.
“Ҳолат жорий йилнинг 30 июлида содир бўлган. ‘Барҳаёт’ МФЙ профилактика инспектори Ж.Э. якшанба, дам олиш куни, ишдан ташқари вақтда шериклари билан Помуқ ҳудудида жойлашган Сечанкўлга дам олиш мақсадида боргани айтилди. Миришкор тумани ИИБ ва ФВБ томонидан қидирув ишлари ташкил этилган бўлиб, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва туман бўлимининг 15 нафар ходими, махсус техника ва ғаввослари, ИИБ ходимлари қидирув ишларига жалб этилган”, — деганди масъул.
Суҳбатдошга кўра, капитан Ж.Э.нинг уч нафар фарзанди бор.
Изоҳ (0)