Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида кредит маблағларни ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Олтинкўл туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Қ.а.” МЧЖ раҳбари Д.А. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан “Х.” МФЙда яшовчи 60 нафар аҳоли хонадонига иссиқхона қуриш учун ажратилган 2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали бошқа мақсадлар учун сарфлаб, талон-тарож қилгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “К.Г.” ва “С.Й.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан АITБ “Ипак йўли” Миробод филиали ҳамда АТБ “InfinBANK” Учтепа филиалидан айланма маблағларини тўлдириш учун жами 900 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кредит маблағларининг ўзлаштирилиши
Февраль охирларида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Термиз туманларида 11 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарлари аниқланганди. Май ойида эса Сурхондарё ва Фарғонада оилавий корхоналар раҳбарлари 1,2 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитларни талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)