Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида кредит маблағларининг талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Ҳ.Г.”, “А.Ҳ.” ва “Ч.З.” МЧЖ раҳбарлари ҳудудий тижорат банки филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, “Автобетононасос” транспорт воситасини сотиб олиш учун ажратилган 3,2 миллиард сўм кредит эвазига ушбу транспорт воситасини сотиб олмасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ушбу маблағларни нақдлаштириб олиб талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Бойсун туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Б.Б.” МЧЖ раҳбари Ў.М. ҳудудий тижорат банки филиалидан чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган 1,1 миллиард сўм имтиёзли кредит эвазига хориждан олиб келинган 528 та наслдор чорва молларини бошқа шахсларга нақд пулга сотиб юбориб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида электр таъминоти учун истеъмолчилардан ундирилган 738 миллион сўм ўзлаштирилгани аниқланганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани, Бухорода 165 млн сўмлик кредит маблағларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган ҳоким ёрдамчиси ушлангани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)