“Японияда бандлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг саноат соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди, деб хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари раҳбарлигидаги ҳукумат делегацияси JICA ташкилотининг Токиодаги бош офисида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда JICA ташаббуси билан 3 йилга мўлжалланган “Японияда бандлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг саноат соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди.
Лойиҳага кўра, Японияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни барча соҳа ва йўналишларда ишга жойлашишга кўмаклашилади.
Қишлоқ хўжалиги, кексаларни парваришлаш, меҳмонхона хўжалиги, умумий овқатланиш соҳаларида ишлаш тартиб қоидалари тўғрисида маълумотларни акс эттирувчи веб-портал жорий қилинади. Мазкур веб-порталда Япониядаги потенсиал иш берувчилар учун Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳияти, фуқароларни меҳнат миграциясига ташкилий, қонуний ва хавфсиз жалб қилиш учун яратилган тизим ва инфратузилма ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Япон тили ва касбга ўқитиш курсларини замонавий услубий қўлланмалар билан жиҳозлашда кўмаклашилади.
Изоҳ (0)