“Чўл бўриси” унинг ўз-ўзини аёвсиз таҳлил қилган асаридир…
Базелдаги кўримсиз бир уйда подагра касалидан азобланаётган, ёлғизланиб қолган бир одам хонасидан чиқмай, стол устида тинмай нималарнидир қоралар, дам ўйга чўмар, дам жилмайиб, ширин хаёлларга бериларди. Балки, у хаёллар ширин эмас, балки у жилмаймаган, аксинча табассуми сингандир, бироқ шуниси аниқки, бу одам Ҳерманн Ҳессе ва шубҳасиз у ҳозир “Чўл бўриси”нинг биринчи қисмини ёзмоқда…
Романнинг бош қаҳрамони Гарри Галлер каби Ҳессе ҳам бутун дунёдан нафратланарди. Бу нафрат ёш боланинг хархашаси эмас, даҳонинг хулосаси натижасида юзага келган эди. Аммо Ҳессе ҳаётдан қувонишга иккиланадиган, азобланган, ёлғизланган Ҳесседан бир оз тентакроқ, бир оз хушчақчақроғига айланмоқ учун рақс тушишни ўрганади, байрамларни нишонлайди, саёҳат қилади, ичади, хуллас, севиб-севилади.
Ёзиш Ҳессе учун муолажа эди, унинг учун мунозара ва даъват эди. Бир томондан муаллифнинг шахсий руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда “Чўл бўриси” ўша пайтдаги давр муаммолари ҳақида фикр юритади. Шу билан биргаликда гап ёлғизланиб қолган киши ва жамият орасидаги зиддиятлар ҳақида ҳам боради.
Ҳессе ўзининг ҳаётий конфликтларини доктор Ж. Лонгнинг муолажаларида ҳамда Карл Юнгнинг фалсафасида ечимини топишга ҳаракат қилди. “Чўл бўриси”да Ҳессенинг ўйлари, таҳлиллари ва тепадаги икки инсон ғоясига доир фикрлар етарлича топилади.
Жуда тез ва қисқа ёзилган сюжет
Роман муҳаррирнинг “кириш” сўзи билан бошланади. У “Чўл бўриси” Гарри Галлер билан қай тарзда танишганини ҳикоя қилади. Гарри ижарага туриш учун ҳикоя қилувчининг холасиникига келади. Чўл бўриси шаҳар мешчанларининг оддий уйларини ёмон кўради, лекин уни қандайдир бир куч шундай жойларга тортади. Ҳикоя қилувчи бошида Галлерни ёқтирмайди, чунки у унга шубҳали бўлиб кўринган эди.
Галлер эса, аксинча, унга ва холасига дўстона муносабатда бўлади, лекин ҳикоя қилувчига бу киши ўзини тез-тез кулгули ҳолатга тушириб қўяётгандек туюлади. Бундан ташқари, Галлер ёлғизликда яшар ва инсонларга хос ҳаёт кечирмас эди, чунки у ишсиз, фақатгина китобларга қизиққандек бўлиб кўринарди. Аммо чўл бўриси билан бўлган суҳбатлар орқали ҳикоя қилувчи Галлерни янада яхшироқ билиб бориб, аста-секинлик билан у ҳақдаги ёмон фикрлари йўқолади. Бир куни Галлер кўчага чиқиб, дом-дараксиз кетади. Хонасида қолган “Фақат жиннилар учун” деб номланган кундалик Галлернинг шахсиятига чуқур назар ташлабгина қолмасдан унинг қандай киши эканини очиб беради.
Галлер кўчалар бўйлаб юрганида ёшгина йигитни учратиб қолиб, ундан “Чўл бўриси ҳақида трактат” китобини сотиб олади. Бу трактатда у ўзининг руҳиятига ўхшаш киши ҳаётидан хабардор бўлади: ярим “одам“ ва ярим “бўри”. Муаммо шундаки, бу иккала қалблар мунтазам равишда баҳслашиб яшайди.
Бу китобдан жуда таъсирланган Галлер ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлади. У ўзининг таниши – профессорникига меҳмонга боради. Суҳбат пайтида Гёте ҳақида баҳслашиб профессорни хафа қилади. Шундай машъум баҳслашувдан кейин у ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Ўзича ичидаги иккинчи шахс — “бўри” мени устимдан куляпти деб ўйлайди. Иккиланиб уйига боргиси келмайди, шаҳар бўйлаб токи “Қора бургут” меҳмонхонасидан Гермина исмли қизни учратгунга қадар тентираб юради. У Гермина ҳузурида бир оз таскин топади ва ундан унга оналар каби ғамхўрлик қилишини сўрайди. Гермина унга рақс дунёсини кўрсатади. У орқали Галлер қисқа вақт ичида ҳаётидан завқланиб яшай бошлайди ҳамда саксофон чалувчи йигит Пабло билан танишади. Пабло камгап, доимо яхши кайфиятда юрадиган йигит. У ёшгина Марияни севади. Шунга қарамасдан Галлернинг руҳи яна тушкун бўлади, чунки чўл бўриси азобсиз, андуҳсиз яшай олмайди.
Охирида Пабло унга сеҳрли театрни кўрсатади. Пабло Галлерга ўйин қоидаларини ўргатади: унинг ёлғиз ўзи турли эшикларни очиши кераклигини, уларнинг ортида ўзининг ҳаётидаги аҳамиятли бўлган воқеалар гавдаланишини тушунтиради. Бундан ташқари Галлер ўзининг руҳиятига назар ташлайди. Аммо у ўйинда ютқазади, чунки охирги эшик ортида Гермина билан Паблонинг яланғоч ҳолда ерда ётганини кўради. Пабло унга у ўзининг хом хаёллари билан ҳақиқатни кўрмайдиган бўлиб қолганини тушунтиришга уринади. Галлер ўйиндан ҳеч нарса ўрганмайди, шунинг учун ҳам у Герминани ўлдириб қўяди…
“Бўри” ва “Одам” — инстинкт ҳамда онг ўртасидаги сарсон руҳ
Ҳессе китоблари, унинг ўзи бир пайтлар айтганидек, “барча тубсизлик ва жарликлар ёқасида” яратилган. Ўзгартирилган ва янгидан тузилган кўринишда улар замонавий инсоннинг кўплаб кулфатлари, изтироблари ва хатоларини ўз ичига олган.
Ҳессе ёзувчи сифатида воқеликни ўта ўткир ҳис қилишга молик инсон эди. Унинг мақолалари ва хатларида, “Маржонлар ўйини”,“Чўл бўриси” романлари қораламаларида ва улар матнининг ўзида Германия келажагини ҳайрон қоларли даражада олдиндан кўриш бор. Албатта, ХХ аср воқелиги наср уйғунлигига ёрдам бериши гумон эди. Лекин Ҳессенинг ўзига хос сирлари мавжуд эди. Улардан бири шундан иборат эдики, одамларнинг яширин ички ҳаётига у барчага кўриниб турган ташқи воқеликка қарагандан кўпроқ аҳамият ва эътибор берарди. 30 йиллар бошларида, “Шарқ мамлакатига зиёрат” (1932) қиссасида, 1930 ва 1942 йиллар оралиғида ёзилган “Мунчоқлар ўйини” романида, яъни Германиядаги фашизм пайтида Ҳессе “деярли” мавжуд бўлмаган, амалга ошишига йўл қўйилмаган, у ҳақда одамлар кўпинча бир-бириларининг кўзлари ва юз ифодаларига кўра фаҳмлайдиган, лекин шундай бўлса-да, охир-оқибатда фашизмга бардош берган ва тантана қилган воқеликни кўрган ва уларни ўз асарларида кўрсатиб берганди.
“Демиан”да ва “Чўл бўриси”да Ҳессе инсонни гўёки ҳар хил ҳақиқатлардан елимлаб ясалгандек кўрсатади. Бундай инсон ўзгарувчан, унда қарама-қарши имкониятлар яширинган ҳамда унга қараш ҳам романда бу ҳаракатчанлик ва мураккабликни акс эттира туриб, ўзгариб туради. Икки шахс — интеллектуал ва ёввойи ҳайвон — Гарри Галлер қиёфасида намоён бўлади. Инсоннинг ички саросимаси ва яширин истаклари очиқ ошкор бўлиб борадиган “Сеҳрли театр”га тушиб қолиб эса, Галлер кўзгуда унинг юзи бўлиниб кетган минглаб юзларни кўради.
Ўзбек китобхонлари учун ғалати ёзувчи
“Чўл бўриси” қаҳрамони ўзбек китобхони учун ғалати шахс эди. Нима ҳам дердик, “Чўл бўриси” муаллифи қаҳрамони тамоман ўзгача дидли, қизиқишлари бошқаларга ўхшамаган киши. Гарри Галлер шахсининг “яширинлиги”, унинг азобли иккиланганлиги бизнинг китобхонларга чиндан эриш туюлади. Ўзини тутиши ва диди тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Шаҳардан шаҳарга дайдиб юрган Гарри ҳеч қачон на камбағал, на бой хонадонларда тўхтамайди. У зиналарида араукариялар ўсган ва ширин ҳидлар уфуриб турган майда буржуа кишиларини афзал кўради. Умуман олганда, Галлер – Ҳерманн Ҳессенинг ўзи десак янглишмаймиз. Ҳерманн Ҳессе ижодининг ҳақиқий ҳаёти, турмушига жуда ўхшаш. Ҳерманн Ҳессе Европа ғояларида тарбия кўрган инсон шахсияти синишини қандай бошидан кечирганлиги тўғрисида ёзади. Жой ва вақт бирлигини ҳисобга олиб, бу синишни Европа гуманистлари асосларини ларзага солган жаҳон урушининг оқибати деб тушунтириш мумкин. Бироқ Ҳерманн Ҳессенинг ўзи бундай тушунчалар билан чекланиб қолмайди. ХХ аср бошларидаги Европа интеллигенти — Гарри Галлер, Ҳесенинг фикрича “Достоевский хаоси” билан белгиланган. Айнан шу хаосни Ҳерманн Ҳессе “Давр касаллиги” деб атайди. Гарри Галлерни шу касалликка учраган киши сифатида ўз асарида талқин этади.
Унинг фикрича, бу касалликка нокомил индивидлар эмас, кучли, ақлли ва қобилиятлилар чалинади.
Узунроқ таҳлил — характерлар мисолида
Гарри Галлер
Ўнинчи марта қайтаришим, лекин бунисида Гарри ва бошқа қаҳрамонлар борасида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Гарри Галлер — эллик ёшлар атрофидаги, фавқулодда ақлли, зиёли инсон, газета учун мақолалар ёзади, тинмай китоб ўқийди. У ўзини Гёте ва Моцарт билан руҳан боғлиқ деб ўйлайди ва ҳозирга нисбатан яхшироқ яшайдиган давр келишига ишонади. Унинг лақаби (чўл бўриси) ўзига мос, чунки у ниҳоятда одамови, ташқи дунё билан қизиқмайди, фақат ўзининг китоблар дунёсида яшашни яхши кўради. Унинг уйида Лессинг, Достоевский каби ёзувчиларнинг китоблари борлигидан Галлерни зиёли киши дейиш мумкин.
У бод касалидан азобланади, бироқ унинг энг катта ғуссаси — руҳий азобдир. У умуман келажакка ишонмайдиган киши, руҳи тушган, атрофдаги одамлардан нафратланади, уларни танқид қилади, ўзини уларни қаторига мутлақо қўшмайди. Бу унда аллақачон касалликка айланган ва у ўзидаги нафратланишидан ҳузур қилади. Буни биз қуйидаги мисолда ҳам кўришимиз мумкин:
“…Мана шундай мамнуният, дарднинг билиниб-билинмаслиги, ёш ўтинқираб қолган бир пайтда, чидаса бўладиган бир нави кунларни кўрганингга ҳам кўнгил кўтарилади, бундай кунларда дардни ҳам, қувончни ҳам сезмайсан, ҳаммаси ими-жимида, билинар-билинмас, оҳиста, бамисоли оёқ учида юргандек. Фақат ёмон тарафи шуки, мен мана шу қониқиш, мамнуният билан сира ҳам чиқиша олмайман. Бир оз вақт ўтгандан сўнг у кўзимга балодек кўрина бошлайди, тоқат қилиб бўлмас даражада кўнгилни айнитади ва мен буткул тушкун кайфиятда бошқа бир маъволарга — мумкин қадар қувонч-шодлик йўлларидан, зарур бўлса, дард, ғам, изтироб йўлларидан ҳам қочиб кетишимга тўғри келади…”
“Чўл бўриси ҳақида трактат”да Гарри Галлерни катта муаммосини билиб оламиз. Унинг ичида 2 та вужуд бор: “одам” ва “бўри”. Ундаги “инсоний” вужуди тоза руҳ учун, бўриси эса ёвузлик учун туради. Бу иккала вужуд мунтазам равишда бир-бирлари билан ҳисоблашади. Улар доимо бир-бирларининг йўлига тўсиқ бўлиб яшайди. Унинг бу хислати нима учун Гаррининг бошқалар олдида кулгули бўлиб кўринишига сабабдир. Ўзида “бўри” вужуди жўш урса, у одамларнинг устидан кулади, нафратланади, масхара қилади. Бошқа тарафдан, вужуд ярмидаги “инсон” унинг бу ҳолатини зимдан кузатади.
Уни аввалига ақлли дўст, меҳрибон инсон деб биладилар, бўрилиги тутганда эса ундан дарров совийдилар. Аммо Гарри ўзининг иккала вужудини яшира олмайди, чунки улар бир-бирларидан ажралмайдиган бўлиб боғланиб қолган.
Гарри буржуазияни ёмон кўради, бу кундаликнинг бошидаёқ кўзга ташланади. Бошқа томондан у тартибли, маданиятли кишилардан завқланади, бироқ кези келганда, шундай қутурадики, мешчанларнинг тартибли дунёсидаги баъзи вакиллари юзини тескари буриб қўйишга тайёр бўлади. Гарри мешчанларни инсон сифатида характерида икки хил хусусиятга интилиб яшашидан нолийди. Шунга қарамасдан Гаррининг ўзи баъзи жиҳатлари билан мешчан ҳисобланади. Масалан, банкда пули бор, яхшигина кийинади, доимо қонун билан зид конфликтлар чиқмаслигига ҳаракат қилади.
Гермина
Гаррининг бутунлай акси. У ёш, оддий бир қиз. Унинг дунёси: рақс, меҳмонхона ва кафелар. Шундай бўлса ҳам Гарри унга боғланиб қолади. У унинг олдида таскин топади, ундан унга худди ёш болага қарагандек муносабатда бўлишни сўрайди. У унга нима буюрса шуни бажаришини айтади, бажаради ҳам. Ўта художўй Гермина диний йиғилишларга тез-тез бориб туради. У ҳаётга соддароқ кўз билан қарайди, муаммоларини осон ҳал қилади. Шу сабабли у Гаррининг ёлғизлигини тарқатиш учун уни рақс тушишга ўргатади, Пабло ва Мария билан таништиради.
Гермина Гаррига ҳали ҳам ёш боладек фикрлашини тушунтиради. Масалан, у профессорнинг Гёте ҳақидаги тасаввуридан аччиқланиши нотўғри эканлигини айтади. Шу билан бирга ҳар бир киши ўз фикрига эга эканлигини, бу бошқаларга ёқадими, йўқми, қизиқтирмаслигини уқтиради. Хуллас, Гермина орқали Гарри илк бор ёш бўлиш қандайлигини тушуниб етади.
Пабло
Пабло исталган кафеларда саксофон чалиб кун кечирадиган бир йигит. Бошида у Гаррига унчалик ёқмайди. У бўй-басти, афт-ангори келишган, аёлларга ёқишдан бошқа қўлидан ҳеч иш келмайдиган йигитга ўхшаб кўринади. Кейин маълум бўлишича, “Трактат” китобини берган бола шу бўлиб чиқади. Пабло сеҳрли театрнинг хўжайини. Кўриб турганингиздек, у “Чўл бўриси” романида муҳим рол ўйнаган. Пабло Гаррига нисбатан доимо хушмуомала, дўстона муносабатда бўлади. Ҳаттоки унга ёқиш учун ҳаракат ҳам қилиб кўради. Кейинчалик, унинг Гаррига раҳми келади, фикрича, у бечора, ночор одам, кўзлари ниҳоятда ғамгин, эплаб кулолмайди.
Мария
Мария Герминанинг дугонаси ва худди у каби бебош ҳаёт кечиради. Гарри у билан рақс кафесида танишади. Ўша пайтдаёқ унга маҳлиё бўлади. Гаррининг шундай содда, ўқимаган, илмсиз қиз билан бирга бўлиши ажабланарли эди. Унинг ўзи айтганидек, китоб ўқимаган, ўқишнинг нима эканлигини ҳам билмайдиган, Чайковский билан Бетховенни фарқлай ололмайдиган қизни бир соатдан кўпроқ севиш унга аввалига имкони йўқдек туюлганди. Гарри унинг табиати ва беғуборлиги сабаб севади. Масалан, амриқоча эстрада қўшиғидан унинг шунчалар завқланишига лол қолади. Мария орқали Гарри севишнинг мураккаб бо`лмаган жиҳатларига, шунингдек, нима сабабдан севишни ўрганади.
“Чўл бўриси ҳақидаги трактат”
Трактат китобхонга чўл бўрисининг характерига чуқур назар солишга ундайди, бундан ташқари ўқирман бу трактатни мутолаа қилиб, Гаррининг руҳий муаммоларидан воқиф бўлади.
Сеҳрли театр
Сеҳрли театр Гаррига ўз ҳаётини қайтадан бошлашга, хатоларини тан олиб, ҳаётга юмор билан боқишни таклиф қилади. У турли саҳналарда қари, жиддий ва кулгули образларни кўради. Театрда у кўзгуларга дуч келади. Ҳессе унга ойна тутади ва чўл бўриси ўзига четдан қарашни ўрганади.
“Муҳаббатнинг ўлими”
Сеҳрли театрдаги бир эшик орқасида Гарри яна тушкунликка тушади. Умидсизланиб, шахматчилар берган рақамни излаб чўнтагига қўлини тиқади. У ерда рақам ўрнига пичоқни олиб чиқади. Даҳшатга тушган Гарри у хонадан қочиб чиқади ва мумтоз мусиқа ҳақида гапирган Моцартга нималарнидир жавоб беради. Бу аҳмоқона дунёга жавоб беришнинг бирдан бир йўли юмор, дейди у. Тўсатдан Моцартнинг гаплари унга алғов-далғовдек туюлади, жаҳли чиқиб, бошқа хонага кетади. У ерда ўзини деворга осилиб турган катта кўзгуда кўради. Бир лаҳзада у бутун ҳаётини қайтадан яшагандек бўлади. Сўнгги эшикда бошқача инсон бўла олишини намойиш қилмоқчи бўлади. Бироқ…
Бу хонада Гермина ва Пабло севгидан маст ҳолда ухлаб ётишар эди. Ўйлаб ўтирмасдан Гарри унга ҳайрон боқиб турган Герминани ўлдиради. (Яшашни ўргатган қизни ўлдиришни оқлаб бўладими?) Уйқудан уйғонган Пабло жилмайганча хонадан чиқиб кетади.
Асардан иқтибослар
Бу дунёнинг мурод-мақсадларига тушунмасам, қувончларига шерик бўлолмасам, мен чўл бўриси бўлмай, мен ночор зоҳид бўлмай, яна ким бўлсин ахир?!
Мусибат, кўргилик ва кулфатларга тўла ҳар бир инсон ҳаётининг мурод-мақсади ва муддаоси ҳам аслида шу эмасмикан?
Шу ўринда бир ҳикматли фикр, уни ҳикматли деб ҳам бўлмайди, балки атиги биргина нигоҳ билан боғлиқ бўлган воқеани айтиб ўтмоқчиман. Нима бўлди-ю, машҳур бир тарихчи файласуф, Европада номи чиққан маданият мунаққиди маъруза қиладиган бўлиб қолди. Унга боришга чўл бўрисини ҳам, гарчи унинг сира-сира иштиёқи бўлмаса-да, аранг кўндиришга муваффақ бўлдим. Маърузани тинглашга бирга бордик ва ёнма-ён ўтирдик. Нотиқ минбарга чиқиб, сўз бошлаши биланоқ, уни пайғамбардек кутиб олган баъзи бир тингловчиларнинг ҳафсаласи пир бўлди, нега десангиз, у олифтанамо, кексайган эди. Сўзини бошларкан, у тингловчиларга тилёғламалик қилиб, кўпчилик бўлиб келишгани учун миннатдорчилик изҳор қилди. Шунда чўл бўриси менга бир қараб қўйди. Бу нигоҳда нотиқнинг сўзлари-ю, унинг бутун шахсияти устидан кескин танқид зоҳир эди. О, бу шундай эсдан чиқмайдиган, қўрқинчли нигоҳ эдики, унинг мазмун-моҳияти ҳақида бутун бир китоб ёзса бўларди! Нигоҳ ўзининг асосли, нозик кинояси билан нафақат нотиқнинг ўзинигина танқид қилар, балки бу машҳур одамни ер билан битта қилиб ташларди, бироқ бу ҳали ҳолва эди. Унинг қарашида киноядан кўра кўпроқ изтироб, ҳаттоки тагсиз-тубсиз, ноумид қайғу-алам мужассам эди...
Бизнинг чўл бўримизда ҳолат шундай эдики, у ўзининг ҳиссиёти ичра барча аралаш, қоришиқ жонзотларда бўлганидек, дам бўри бўлиб, дам инсон бўлиб яшарди. Бироқ шуниси бор эдики, у бўрилик пайтида унинг вужудида одам ҳамиша ҳушёр, сергак ва огоҳ бўлиб турар, у инсон бўлган пайтда эса бўри худди шундай ҳаракат қиларди.
Қизиқарли фактлар
— У жаҳон адабиётида ижтимоий, фалсафий ҳамда бадиий-эстетик тафаккур камолотига баркамол ҳисса қўшган санъаткорлардан бири сифатида катта эътибор қозонди. Ҳерманн Ҳессе бутун умри давомида изланишда бўлди. У 1946 йилда улкан ижодий мероси, адабиёт соҳасидаги хизматлари учун шарафли Нобел мукофотига сазовор бўлди. Шу йилнинг ўзида унга Гёте мукофоти, 1955 йилда эса немис китоб сотувчилар томонидан таъсис этилган “Тинчлик” мукофоти берилди, бир йилдан кейин “Ҳерманн Ҳессе” номли мукофот таъсис этилди.
— Германиянинг севимли фарзанди Ҳерманн Ҳессенинг “Петер Каменсинд”, “Демиан”, “Сиддҳартҳа”, “Чўл бўриси”, “Маржонлар ўйини”, “Нюрнбергга саёҳат” каби асарлари жаҳон адабиётининг бойлигига айланди. Унинг ҳаётлигидаёқ асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Ўзининг 40-50 ёшларида Ҳерманн Ҳессечалик ижоди гуллаб яшнаган, санъат чўққисига эришган ижодкорни немис адабиёти тарихида топиш мушкул. Германияда Ҳерманн Ҳессенинг асарлари нашри 1979 йилга келиб, 5 Миллион нусхага етган.
— Ҳерманн Ҳессенинг касаллиги туфайли унга расм чизишни тавсия этишади. У расм чизиш техникасининг хар хил турларини синаб кўради ва акварел рангларда чизишни маъқул топади — умрининг охиригача у 3000 га яқин акварелларни яратади. Уларнинг кўпчилиги бутун дунё бўйлаб ташкил этилган кўргазмаларда кенг оммага намойиш қилинган. Ҳерманн Ҳессе вафотидан сўнг унинг аквареллари кўргазмалари ҳамма ерда: Токиода (1976 ва 1996), Парижда (1977), Нью-Йорк ва Монреалда (1980), Сан-Франсиско ҳамда Чикагода (1981), Мадридда (1985), Люксембургда (1987), Ҳамбургда (1992) бўлиб ўтади.
— Романга доир баъзи қўлёзмалар 1922 йилга қадар тайёр бўлган эди, шу вақт мобайнида Ҳессе “Йўлдан адашган кишининг кундалиги” номли асар ёзади. Асарда ҳаёт ва унинг кузатувчи сифатидаги ўрни, иккисининг орасидаги қаршиликлари ва ўз-ўзини танқид қилиш ҳақида фикр юритади. “Мен уни ташлаб юбораман, менинг ҳаётим аста секин сўниб, умрим тугаб боряпти, мен бир қария бўлсам менинг кунларим ва соатларим худди талабанинг ҳаётига ўхшаш, шу бир кунимни бир амаллаб ўтказсам деб ҳаракат қиламан. Аммо бошқаси, ичимдаги иккинчи бир нарса мени чидаб бўлмас даражада ишлашга ундайди, унга ҳаётнинг ҳар бир тафсилоти керак, у билан бирга ёниб одимлашга тайёрман!”
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)