Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 26 июль куни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда 2023 йил август ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон президентларининг саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
“Вазирлар бўлажак йиғилишнинг дастури лойиҳаси, кун тартиби, шунингдек, саммитнинг якуний ҳужжати лойиҳасини муҳокама қилдилар. Шу маънода, вазирлар минтақавий ҳамкорликнинг устувор жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон президенти 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этганди. Давлат раҳбари ушбу саммитда қатор таклифларни илгари сурган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ўзаро келишувига асосан мамлакат ҳукумати делегацияси 21 июль куни Тожикистонга ташриф буюрган эди.
Изоҳ (0)