Жаҳон киноси юлдузи Жонни Депп шошилинч равишда касалхонага ётқизилди, деб ёзади “Korrespondent.net”.
Қайд этилишича, 60 ёшли актёр Венгриянинг Будапешт шаҳрида жойлашган меҳмонхона номерида ҳушсиз ҳолда топилган. Депп Будапештга Hollywood Vampires хард-рок гуруҳининг турнеси доирасида келган эди. Гуруҳ актёрнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли ўз чиқишларини бекор қилган.
Деппнинг менежери ҳолат тафсилотларини ошкор қилмаган, у шунчаки актёрнинг аҳволи яхши эмаслигини айтган. Айтилишича, актёрнинг соғлиғи ёмонлашишига унинг ҳаддан ортиқ алкогол истеъмол қилиши сабаб бўлган.
“Ҳамма нарса тайёр эди, саҳна ўрнатилган, гуруҳ чиқиш қилишга шай турганди. Қандайдир муаммо бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Бизга Деппнинг бир оз тоби йўқлиги учун меҳмонхонадан чиқа олмаганини айтишди. Кейин шифокор чақиришди”, — дейди ҳолат гувоҳларидан бири.
Рок гуруҳининг чиқиши 18 июлда ўтказилиши керак эди. Бироқ Жонни Деппнинг аҳволи туфайли чиқиш бекор қилинган. Шунингдек, Словакиядаги концерт ҳам қолдирилган эди. Гуруҳ 22 июль куни Словакиядаги концертда чиқиш қилган.
Изоҳ (0)