Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” божхона постида навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, хориждан 2 та юк автотранспорт воситасида келтирилган, қиймати 50 минг долларлик ҳужжатларга кўра 75 дона уч ғилдиракли электровелосипедлар уларга тегишли юк ҳужжатлари билан ўзаро солиштирилган ҳолда белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Кўрик давомида транспорт воситаларида уч ғилдиракли электровелосипедлар умуман йўқлиги, уларнинг ўрнига йиғилмаган ҳолатдаги уч ғилдиракли юк электромотоцикллари ортилгани маълум бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, транспорт воситаларига ортилган мазкур уч ғилдиракли юк электромотоциклларнинг тахминий қиймати 1 миллиард 350 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда товарлар вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойида Ўзбекистон ҳудудига Россиядан ноқонуний қурол олиб ўтиш билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилгани, Тошкент аэропортида йўловчининг регби коптогига гашиш яширилгани, Наманганда маданий меросга оид китоблар хорижга олиб кетилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)