Тошкент—Ўш автомобиль йўлидаги туннелда деворга урилган юк машинасида ёнғин чиқди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 22 июль куни соат 03:20 да А-373 “Резак” туннелида Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Isuzu русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, туннель деворига урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Ҳодиса туннелга бириктирилган масъул ходимлар томонидан аниқланиб, зудлик билан “Қамчиқ” довонидаги ФВВ қутқарувчиларининг 13 нафари, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ва Қутқарув отрядидан 1 та техника воқеа жойига етиб борган. Ёнғин беш дақиқа ичида ўчирилган. Шундан сўнг соат 03:50 да юк автомобили туннелдан олиб чиқилиб, совитиш ишлари ўтказилган.
Isuzu автомобили юкхонасидаги жами 4,2 тонна юкнинг 95 фоиз маҳсулоти ёнғиндан сақлаб қолинган. Содир бўлган ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Транспорт воситаларининг ёниб кетиш ҳолатлари
Апрель бошларида Самарқандда ёнилғи сиғими 20 тонна бўлган юк машинаси ёниб кетгани, Андижонда йўл четида турган Nexia’да ёнғин чиққани, Қамчиқ довонида лак-бўёқ ортилган юк машинаси ёниб кетиши оқибатида бир неча киши жабрлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда Damas билан тўқнашган Captiva ёниб кетганди.
Изоҳ (0)