Андижон вилоятида ЙПХ ходимига мушт тушириб, унинг хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатган қоидабузар ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 12 июль куни Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 6-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор ходими кунлик тақсимотга асосан хизматга жалб қилинган ва хизмати давомида Labo русумли транспорт воситасини тўхтатган.
Текширув давомида ҳайдовчининг ҳужжатларида камчилик борлиги аниқланади, автомашина гувоҳномасиз бошқарилгани сабаб жарима майдонига олиб борилган. Шу пайт ҳайдовчи инспекторга мушт тушириб, уни хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилади.
Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Ишим зарил эди, ёзамиз дегандан кейин тортишиб қолиб, мушт отвордим — бурнига тегиб кетди. ЙПХ ходимидан шикоятим йўқ”, — дейди қоидабузар ҳайдовчи.
ЙПХ ходимларининг калтакланиш ҳолатлари
Май бошида Тошкентда ЙПХ ходимларининг талабини бажармасдан, уларни ҳақорат қилган шахслар 15 суткага қамалгани тўғрисида хабар берилганди. Апрель охирида эса Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида жанжал содир бўлган эди.
Изоҳ (0)