17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида содир бўлган портлашда Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ва Украина Ҳарбий-денгиз кучларининг иштироки бор, деб хабар бермоқда “Украинская правда” ва “РБК-Украина” нашрлари УХХдаги манбаларга таяниб.
Манбаларга кўра, кўприкка сув усти дронлари ёрдамида ҳужум қилинган.
“Кўприкка етиб бориш қийин бўлди, лекин охир-оқибат бунга эришдик”, — деган “РБК-Украина” манбаси.
Украина хавфсизлик хизмати бу баёнотларга ҳозирча изоҳ бермади.
Аннексия қилинган Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов ҳам Қрим кўпригига ҳужумда Украина кучларини айблади.
“Бугун тунда Киевдаги террорчи режим янги жиноят содир этди – Қрим кўпригига ҳужум қилди”, — деб ёзади Константинов Telegramъда.
17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида портлаш содир бўлди. Россия расмийларига кўра, икки киши ҳалок бўлган ва бир киши жароҳатланган. Кўприкда ҳаракат тўхтатилди. Украина Қуролли кучлари Қрим кўпригидаги портлаш Россиянинг провокацияси эканини истисно қилмади.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк аввалроқ Қрим кўпригини Украина учун “қонуний нишон” деб билишини айтганди, деб эслатди “РБК-Украина”.
2022 йил октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш содир бўлиб, кўприкда ҳаракатланиш тўхтатилган эди. Россия ФХХ портлашда Украина разведкасини айблади. Киев буни бевосита тасдиқламаган, аммо Украина Мудофаа вазирлиги кенг кўламли урушнинг дастлабки 500 кунидаги муваффақиятлари қаторига кўприкдаги портлашни ҳам киритган.
Изоҳ (0)