АҚШ президенти лавозимига қайта сайланса, Россия ва Украина ўртасидаги урушни 24 соат ичида ҳал қилишга бир неча бор ваъда берган Дональд Трамп Fox News телеканалига буни айнан қандай амалга оширмоқчилигини тушунтирди.
Трамп икки давлат президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан боғланишини айтди.
“Мен Зеленскийга айтган бўлардим: етар, сиз келишувга эришишингиз керак. Сўнг Путинга айтаман: агар келишув тузмасангиз, биз уларга (Украинага) кўпроқ нарса берамиз, керак бўлса, илгари уларда бўлмаган нарсаларни”, — деб ўз режалари билан ўртоқлашди Трамп.
Собиқ президент шу йўл билан бир кунда жанговар ҳаракатларга чек қўйишига ишонч билдирмоқда.
Трамп Зеленскийни яхши билишини, Путинни “ундан ҳам яхшироқ” билишини айтди.
“Иккаласи билан яхши муносабатда бўлганман, жуда яхши муносабатда”, — деди у.
Аввалроқ Зеленский NBC телеканалига берган интервьюсида Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтган тақдирда, Украинадаги урушни 24 соат ичида тўхтатиш ҳақидаги ваъдаларига ишонмаслигини айтганди. NBC мухбири Трампнинг можарони тезда ҳал қила олиши ҳақидаги саволига Зеленский савол билан жавоб берди: “Нега у шуни аввалроқ қилмаган?”.
Трамп ўтган йилнинг кузида 2024 йилда президентликка номзодини қўйиш ниятини маълум қилганди. Ғалаба қозонган тақдирда, у Украинадаги можарони ҳатто, “инаугурациядан олдин” ҳал қилишга ваъда берган. У бир неча бор Москва ва Киев ўртасида тинчлик музокаралари зарурлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, сиёсатчи АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг Украинага нисбатан қадамларини танқид қилиб келади: “У тизимли равишда, лекин, эҳтимол, онгсиз равишда бизни учинчи жаҳон урушига олиб бормоқда”.
Изоҳ (0)