Британиялик талабалар Ўзбекистонда қисқа муддатли академик алмашинув дастурлари орқали таълим олади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 8 июль куни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Британия олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги раҳбари Эдуардо Рамосни қабул қилди. Унда томонлар олий таълим йўналишидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида охирги йилларда олиб борилган ишлар бўйича маълумот берди. Эдуардо Рамос ўз ўрнида Британия университетларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, Британия Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги раҳбари айни кунларда Британияда Ўзбекистон олий таълим тизими ҳақида репорт (ҳисобот) ишлаб чиқилаётгани ва унда вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг фикр ва хулосалари инобатга олиш имконияти мавжудлигини кўрсатиб ўтди.
Э.Рамос британиялик талабаларнинг Ўзбекистонда қисқа муддатли академик алмашинув дастурлари орқали таълим олишларини қўллаб-қувватлашини қайд этди. Бунда таълим даври 6 ойдан 1 йилгача ташкил қилиши, бу вақт давомида талабалар Ўзбекистон тарихи ва ўзбек тили йўналишлари бўйича таҳсил олиши кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Изоҳ (0)