Caminando Fronteras инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълум қилишича, Канар ороллари яқинида кема чўкиб кетиши оқибатида бортдаги 51 муҳожир ҳалок бўлди. Бу ҳақда фаол Элена Малено Twitterъда ёзди.
Қайд этилишича, кема Марокашнинг Тан-Тан шаҳридан Испаниянинг Канар оролларига қараб йўлга чиққан. Денгизда саккиз кун сузган.
“Канар йўналишидаги ҳалокат 51 кишининг, жумладан 11 аёл ва 3 боланинг ўлимига олиб келди”, — деб ёзган Малено 2 июль куни кечқурун. Унинг версиясига кўра, тўрт муҳожир тирик қолган, улар касалхонага ётқизилган.
Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январидан майигача Канар оролларига 4,4 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирлар кириб келган. Бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан деярли 47 фоизга кам.
14 июнь куни Греция қирғоқларида шимолий африкалик муҳожирлар ўтирган балиқчи қайиқ ағдарилиб кетганди. 100 дан ортиқ одам қутқариб олинди. Қайиқ бортида 700 нафаргача одам бўлгани тахмин қилинмоқда. Қолганларни тирик топишга умид йўқ экани айтилди.
Қайиқ тахминан 10 июнь куни Ливиядан Италияга йўлга чиққан. У Пилос шаҳри яқинидаги халқаро сувларда чўкиб кетган. Расмийларнинг фикрича, ҳодисага кеманинг ҳаддан зиёд кўп одамни олиб кетаётгани сабаб бўлган.
Греция ҳукумати уч кунлик мотам эълон қилди.
Изоҳ (0)