Чехиянинг Карл университети техник кўмаги остида Оила ва хотин-қизлар институти томонидан ўтказилган Ўзбекистонда туғилиш омилларини ўрганиш бўйича ўтказилган танланма сўров натижаларини тақдим этди. Бу ҳақда БМТ аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Дарё”га маълум қилди.
Тадқиқотда Ўзбекистондаги туғилиш даражаси ва аёлларнинг репродуктив хатти-ҳаракатига таъсир кўрсатувчи омилларга доир муҳим маълумотлар қайд этилган.
“Амалга оширилган тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистонда 2017 йилдан кейин туғилиш ўсишининг асосий омиллари сифатида болали оилалар моддий аҳволининг яхшиланиши ҳамда одамларнинг эртанги кунга ишончи даражасининг умумий ўсишини қайд этиш мумкин. Шакллантирилган барча фаразлар классик когорт-компонентли намойиш модели, аҳолини прогнозлаштириш бўйича кенг фойдаланилувчи усул параметрларини баҳолаш учун замин сифатида хизмат қилади”, — дейилади UNFPA ахборотида.
Маълумот учун, Прогнозга кўра, Ўзбекистон аҳолиси яқин ўттиз йил давомида тезкор суръатларда ўсиб боради. Катта эҳтимол билан 2028 йилга бориб аҳоли сони 40 миллионга етади, 2050 йилгача эса бу кўрсаткичнинг 50 миллиондан ортиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2050 йилга бориб аҳолининг кексайиш суръатлари ўсиши кутилаётгани хақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)