АҚШда 2024 йилнинг ноябрь ойида президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Олдинда сайловгача бир йилдан ортиқ вақт бўлса-да, президентликка даъвогарлар “пойгаси” ҳозирдан бошланган. Айни пайтда уларнинг сони ўн нафардан ортди. Бу ҳақда “Дарё” уюштирган суҳбатда “Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имамова маълум қилди.
Навбаҳор Имамованинг айтишича, айни пайтда президентликка даъвогарлар имкон қадар пул жамғариш пайида.
“Чунки давлат бу ерда номзодларга пул ажратмайди. Давлатнинг бу борада иши йўқ. Махсус фондлар бор, улардан пул олиш мумкин. Лекин бунинг учун ҳам олдин индивидуал америкаликлардан етарлича пул жамғариши керак. Деярли ҳар ҳафта, майдонга, ‘пойга’га кимдир кириб келяпти. Хусусан, республикачилардан. Демократлардан ким президентлик учун курашиши аниқ, бу — Жо Байден. Республикачилардан эса ҳозир камида 12 киши майдонда. Собиқ президент Дональд Трампдан тортиб, унинг собиқ вице-президенти, унинг қўлида ишлаган одамлар, қолаверса, ҳам Флорида штати губернатори, ҳам у ердаги йирик шаҳар Майамининг мери, Техас ва бошқа қатор штатлардан даъвогарлар бор” — деди журналист.
Навбаҳор Имамованинг таъкидлашича, Америкада президентликка номзодлар рейтинги жуда муҳим.
“Бу ерда рейтингларни ҳар куни ва ҳар ҳафта ўтказишади. Қўшма штатларда омма фикри доимий равишда ўрганиб борилади. Президентнинг рейтингига қарайдиган бўлсак, Байденнинг ҳозирги рейтинги 35-40 фоиз орасида, шундан ошмаяпти. Бу албатта, катта бир салбий реаллик. Лекин президентлик муддатининг иккинчи ярмида бундай ҳоллар олдин кўп бўлган. Шунинг учун Оқ уй саросима ёки ваҳимада эмас. Ҳаммаси яхши бўлади, деган ёндашув бор. Бу борада президент Байден бағоят босиқ. Дональд Трампга келсак, республикачилар орасида унинг рейтинги анча баланд, аниқроғи 75-76 фоизни ташкил қиляпти. Ундан кейингилариники 65-67 фоиз, бу Флорида штати губернатори Рон Десантис. У иккинчи ўринда кетмоқда. Қолганлар анча орқада”, — дейди “Америка овози” мухбири.
Изоҳ (0)